24 Июн 2024 йил 1477

“Қонунийликни таъминлаш ва темир интизом ойлиги” доирасида Андижон вилояти ИИБ Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси шахсий таркиби, уларнинг ота-оналари ҳамда фахрий ходимлар иштирокида хизмат интизомини мустаҳкамлашга қаратилган муҳокама йиғилиши ўтказилди

Ички ишлар вазирининг тегишли Фармойиши асосида ўтказилаётган “Қонунийликни таъминлаш ва темир интизом ойлиги” доирасида Андижон давлат университетида бошқарма бошлиғининг ўринбосари подполковник Жонибек Давронов бошчилигида Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси шахсий таркиби, уларнинг ота-оналари ҳамда фахрий ходимлар иштирокида   хизмат интизомини мустаҳкамлашга қаратилган учрашув-мулоқот бўлиб ўтди.

Тадбир аввалида, ўзлари қонун ҳимоячиси бўла туриб, коррупцион ва бошқа ноқонуний ҳолатларни содир этиб, ота-онаси ва яқинларини эл-юрт орасида уятга қўйган айрим нопок ходимларнинг аччиқ қисматлари акс этган таъсирчан видеоролик намойиш этилди.

Бу каби шармандалик ҳолатларни олдини олиш учун энг аввало ота-оналар,  шунингдек, фахрий ходимлар ҳам ўзларининг панд-насиҳатлари билан доимий равишда уларга тўғри йўл кўрсатиб боришлари шартлиги, ҳамма бир ёқадан бош чиқариб ишласагина кутилган натижаларга эришиш мумкинлиги ҳаётий мисоллар ёрдамида  таъкидлаб ўтилди.

Учрашув давомида Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси    шахсий таркиби ўртасида хизмат интизоми ва қонунийликни таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳолати танқидий таҳлил қилиниб, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Тадбир сўнгида, ўзининг намунали интизоми ҳамда жамоат тартибини сақлаш ҳамда фуқаролар осойишталигини ишончли таъминлашда бошқа ҳамкасбларига алоҳида ўрнак бўлиб келаётган бир гуруҳ ходимларнинг ота-оналарига бошқарма бошлиғининг ташаккурномалари тантанали равишда топширилди.

 Албатта ўтказилаётган бу каби учрашувлар ходимлар ўртасида турли нохуш ҳолатлар содир этилишини олдини олиб, уларни янада шижоат билан ишлашга ундаши билан аҳамиятлидир.

Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech