26 Июн 2024 йил 1435

“Қонунийликни таъминлаш ва темир интизом ойлиги” доирасида  Хўжаобод тумани ва Хонобод шаҳар ички ишлар бўлимларининг шахсий таркиби, уларнинг ота-оналари ҳамда фахрий ходимлар иштирокида хизмат интизомини мустаҳкамлашга қаратилган муҳокама йиғилиши бўлиб ўтди

Аввал хабар қилинганидек, “Қонунийликни таъминлаш ва темир интизом ойлиги” доирасида  Андижон вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари подполковник Жонибек Давронов ҳамда ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармасининг Андижон вилояти бўйича бошқармаси раҳбарияти томонидан жойларда хизмат интизомини мустаҳкамлашга қаратилган муҳокама йиғилишлари ўтказилмоқда.

Жорий йилнинг 25 июнь куни Хўжаобод тумани ва Хонобод шаҳрида бўлиб ўтган тадбирларда  ички ишлар бўлимларининг ходимлари, уларнинг ота-оналари ҳамда фахрий ходимлар иштирок этди.

Ўтказилган тадбирлар аввалида, ўз мансаб ваколатини суиистеъмол қилган ҳолда фуқаролардан пора олиб, ота-онаси ва яқинларини маҳалла кўй олдида уятга қўйган айрим тизимга адашиб кириб қолган ходимларнинг аччиқ қисматлари акс этган таъсирчан видеороликлар намойиш этилди. Ушбу ҳолатлар барчага дарс бўлиши ҳамда шунга ўхшаш ножўя хатти-ҳаракатларни содир этилишининг олдини олиш бўйича ҳам фикр-мулоҳазалар билдириб ўтилди.

Муҳокама давомида ички ишлар бўлимларининг шахсий таркиби ўртасида хизмат интизоми ва қонунийликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар ҳолати танқидий таҳлил қилиниб, келгусида бажарилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.

Тадбир сўнгида, ўзининг намунали интизоми ҳамда жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар осойишталигини ишончли таъминлашда бошқа ҳамкасбларига алоҳида ўрнак бўлиб келаётган бир гуруҳ ходимларнинг ота-оналарига бошқарма бошлиғининг ташаккурномалари тантанали равишда топширилди.

Ҳозирда бу каби хизмат интизомини мустаҳкамлашга қаратилган тадбирлар жойларда давом эттирилмоқда.

Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech