“Қонунийликни таъминлаш ва темир интизом ойлиги” доирасида Пахтаобод тумани ИИБ шахсий таркиби, уларнинг ота-оналари ҳамда фахрий ходимлар иштирокида хизмат интизомини мустаҳкамлашга қаратилган муҳокама йиғилиши ўтказилди
Аввал хабар қилинганидек, “Қонунийликни таъминлаш ва темир интизом ойлиги” доирасида Андижон вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари подполковник Жонибек Давронов ҳамда ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармасининг Андижон вилояти бўйича бошқармаси раҳбарияти бошчилигида хизмат интизомини мустаҳкамлашга қаратилган муҳокама йиғилишлари шаҳар-туманларда давом эттирилмоқда.
Жорий йилнинг 27 июнь куни Пахтаобод туманида бўлиб ўтган навбатдаги муҳокама йиғилишида ҳам ички ишлар бўлимининг шахсий таркиби, уларнинг ота-оналари ҳамда фахрий ходимлар иштирок этдилар.
Тадбир аввалида, йиғилганлар эътиборига турли қонунбузилиш ҳолатларини содир этиб, яқинларини эл-юрт олдида уятга қўйган айрим нопок ходимларнинг аччиқ қисматлари акс этган видеоролик намойиш этилиб, бу каби тизим обрўсига путур етказадиган салбий ҳолатларни олдини олиш бўйича атрофлича сўз олиб борилди. Ноқонуний ишлар содир этганларнинг аянчли тақдири барчага дарс бўлиши тўғрисида ҳам ҳаётий тажрибалар ўртоқлашилди.
Шунингдек, муҳокама давомида ички ишлар бўлимларининг шахсий таркиби ўртасида хизмат интизоми ва қонунийликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар ҳолати танқидий таҳлил қилиниб, келгусида бажарилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.
Тадбир сўнгида, ўзининг намунали интизоми ҳамда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишда бошқа ҳамкасбларига алоҳида ўрнак бўлиб келаётган бир гуруҳ ходимларнинг ота-оналарига бошқарма бошлиғининг ташаккурномалари тантанали равишда топширилди.
Ҳозирда бу каби хизмат интизоми ва қонунийликни таъминлашга қаратилган тадбирлар жойларда давом эттирилмоқда.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати