Пахтаобод туманида содир этилган жиноятга сабаб бўлган омиллар атрофлича муҳокама қилинди
2020 йил 08 июнь куни Пахтаобод тумани, “Муаззимбой” МФЙ да туман ИИБ, жамоат ташкилотлари, маҳалла фаоллари, кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама ўтказилди. Кун тартибидаги асосий масала, яъни 2020 йил 05 июнь куни содир этилган мудҳиш жиноят, унинг оқибатлари, жиноятни келиб чиқишига сабаб бўлган ҳолатлар атрофлича муҳокама қилинди.
Содир этилган жиноят тафсилотларига кўра, шу йилнинг 05 июнь куни соат 22:00лар чамасида Андижон шаҳрида яшовчи фукаро А.А Пахтаобод тумани “Муаззимбой” МФЙга оилавий масалада келиб, шу маҳаллада яшовчи фукаро З.З билан ўзаро гап тортишган ва жанжаллашиб кетган. Жанжал оқибатида А.А ерда бўлган темир бўлаги билан З.З.га зарба бериб, унга тан жароҳати етказган.
Мазкур ҳолат юзасидан Пахтаобод тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104- моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Йиғилишда сўзга чиққанлар, ушбу жиноятнинг содир этилишига асосан масъул ходимларнинг бефарқлиги сабаб бўлганлигига урғу беришди. Атроф-муҳитга лоқайд ва бепарво муносабат туфайли шундай мудҳиш жиноятлар содир этилаётганлиги ўкинч билан тилга олинди.
Шунингдек,ушбу содир этилган жиноят барчамизни сергак тортишга ундаши кераклиги, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифаси деган тушунчадан йироқ бўлиб, уларни олдини олишда ҳар бир жамоат ташкилотлари, маҳалла, хотин-қизлар, Ёшлар Иттифоқи, кенг жамоатчилик биргаликда фаолият олиб бориши зарурлиги, шундагина амалга оширилаётган ишлар натижа бериши мумкинлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Муҳокама якунида мазкур жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари ва унинг салбий оқибатларини бу жойда иштирок этганларнинг барчаси оила аъзолари, қариндош уруғлари ҳамда таниш-билишларига ибрат олиш мақсадида етказишлари кераклиги айтилиб, бу борада тегишли мутасаддиларга муҳим чора-тадбирлар белгилаб берилди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати