Пробация гуруҳи ҳисобидаги шахслар ижтимоий ҳаётга мослаштирилмоқда
Яқинлашиб келаётган Наврўз байрами арафасида Андижон туман ИИБ ЖХХ Пробация гуруҳи томонидан Жиноят ишлари бўйича Андижон тумани судига озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган, ҳозирда қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланиб келаётган 30 нафар назорат остидаги шахсларга нисбатан инсонпарварлик далолатномаларини қўллаш мақсадида тақдимномалар киритилиб, улар тайинланган жазоларидан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиндилар.
Ўз навбатида жазо ўташдан қасддан бўйин товлаб юрган 2 нафар назорат остидаги шахснинг жазолари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан бошқа оғирроқ турдагисига алмаштирилди.
Шунингдек, аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда назорат остидаги шахсларни иш билан таъминлаш орқали улар томонидан такрорий жиноятлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида “Ишга марҳамат” меҳнат ярмаркаси ўтказилиб, унда 6 нафар назорат остидаги шахсга ўзлари қизиққан йўналишлари бўйича ишга жойлашишлари учун йўлланмалар берилди.
Бундан ташқари, Маданият маркази билан ҳамкорликда назорат остидагиларнинг ҳуқуқий, маданий, сиёсий саводхонлигини ошириш, китобга бўлган қизиқишларини кўтариш мақсадида марказий кутубхонага ташриф уюштирилди.
Шу билан бирга, пробация ҳисобидаги ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ қилиш мақсадида спортнинг мини футбол тури бўйича мусобақа ўтказилди.
Пробация гуруҳи ҳисобидаги шахсларни ижтимоий ҳаётга мослашлаштириш ишлари давом эттирилмоқда.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати