10 Июн 2020 йил 822

Қўрғонтепа туманида қўшнилар ўртасидаги арзимас сабаб туфайли содир этилган жиноят кенг жамоатчилик билан муҳокама қилинди

2020 йил 8 июнь куни соат 18:00 лар атрофидда Қўрғонтепа тумани, Ижтимоят  МФЙда яшовчи  фуқаро Ғ.Н шу маҳаллада яшовчи қўшниси  Р.А.нинг хонадонига чиқиб, унинг ҳовлиси орқали ўз уйига ўтиб борган ичимлик суви қувурини узиб юборганлиги учун, у билан жанжаллашади. Жанжал вақтида Ғ.Н. ўзининг ёнида бўлган хўжалик пичоғи билан Р.А. нинг қорин қисмига бир маротаба урган. Иш бўйича ўтказилган суд тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотномасига кўра, Ғ.Н қўшниси Р.А.га оғир тан жарохати етказган. 

Мазкур ҳолат бўйича 2020 йил 8 июнь куни Қўрғонтепа тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддасига 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. 

Ушбу ҳолат юзасидан Андижон вилояти ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари С.Жабборов бошчилигида  Ижтимоят МФЙда муҳокама йиғилиши бўлиб ўтди. Муҳокамада тумани ИИБ ходимлари,туман бош имоми хатиби, махалла фаоллари, нуронийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Сўз олганлар томонидан содир этилган нохуш ҳолат сабаблари ва унинг оқибатлари жамоатчиликка атрофлича етказилди.Шунингдек, кичик низоларга ва ўзаро тортишувларга гувоҳ бўлаётган пайтда атрофдагиларнинг мажбуриятлари, тинчликни сақлаш олдидаги вазифалари, зудлик билан  ўша худудда хизмат олиб бораётган профилактика инпекторига хабар қилиш ҳамда бошқа бир қанча мавзуларда сўз юритилди.

Бундан ташқари, ҳар бир фуқаро бундай салбий ҳолатларни содир бўлишини томашабин бўлиб кузатиб туриши эмас, балки уни олдини олишга чин дилдан ҳаракат қилиши шартлиги, ўзининг огоҳлиги ва  ҳушёрлиги билан масъул эканлиги таъкидлаб ўтилди.

Туман Бош имоми хатиби томонидан  муқаддас динимиздаги қўни-қўшничилик муносабатлари, жахл чиққанда ўзини жиловлаш, бошқа бир инсонга қасддан зарар етказишнинг гуноҳи оғир эканлиги,  икки ёки ундан кўпроқ инсонлар орасида низо чиқишини ташқаридан била туриб, бунга бефарқ бўлиш ҳам катта айб саналиши хақида  сўз олиб борилди. Махалла раиси, нуронийлар ва махалла фаоллари ҳам ушбу ҳолат борасида ўзларининг фикр мулоҳазаларини билдиришиб, келгусида бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун бор имкониятлари билан ҳаракат қилишларини таъкидлаб ўтишди.

Муҳокама якунида  мазкур жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари ва унинг салбий оқибатларини бу жойда иштирок этганларнинг барчаси оила аъзолари, қариндош уруғлари ҳамда таниш-билишларига ибрат олиш мақсадида етказишлари кераклиги айтилиб, бу борада тегишли мутасаддиларга муҳим чора-тадбирлар белгилаб берилди.

 

Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати

 

Text to speech