Қўрғонтепа туманида содир этилган талончилик жинояти юзасидан кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама йиғилиши ўтказилди
Жорий йилнинг 20 февраль куни соат 14:00 ларда вояга етмаган фуқаролар Н.Х ва М.Х.лар бир гуруҳга бирлашиб ўзганинг мулкини очиқдан очиқ талон-тарож қилиш мақсадида вояга етмаган фуқаролар Э.Р ҳамда Т.Н.лар тўхтатиб , Э.Р.га тегишли бўлган 700 АҚШ доллари пулларидан 400 АҚШ долларини олиб қайтариб бермасдан очиқдан очиқ талон-тарож қилишган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 166-моддаси 2-қисми “в” банди билан иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Содир этилган ушбу талончилик жинояти юзасидан Қўрғонтепа туманида Андижон вилояти ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси ҳамда туман ИИБ масъуллари томонидан кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама йиғилиши ўтказилди.
Муҳокама йиғилишида жиноятга сабаб бўлган омиллар туб илдизигача таҳлил қилинди. Хусусан, вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятни барвақт олдини олишда етарлича иш ташкил этмаган масъулларнинг фаолияти танқид остига олинди. Шунингдек, фарзандлари тарбиясига эътиборсизлик билан қараган ота-оналарнинг ҳам бу жиноятни келиб чиқишида ўзига яраша айби бор эканлиги аниқ мисоллар ёрдамида айтиб ўтилди.
Муҳокама давомида йиғилганлар эътиборига вояга этмаганлар томонидан содир этилган жиноятларнинг аччиқ қисмати акс этган видеоролик намойиш этилиб, барча огоҳликка чақирилди.
Бундан ташқари, талончилик жиноятига қонунда белгиланган жазонинг муқаррарлиги ҳуқуқий асослар билан етказилиб, бу турдаги жиноятларни олдини олишда барча бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилиш шарт эканлиги таъкидлаб ўтилди.
Ўтказилаётган бу каби жиноятчилик муҳокамалари барчани огоҳлик ва ҳушёрликка чақириш, жиноятчиликни барвақт олдини олиш ҳамда ҳамкорликда қилиниши лозим бўлган ишларни сарҳисоб қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати