Республика ишчи гуруҳи томонидан Андижон шаҳрида ўтказилган оммавий сайёр қабулда ички ишлар вазирининг ўринбосари томонидан фуқароларнинг муаммолари ҳал этилди
Жорий йилнинг 11-май куни ички ишлар вазирининг ўринбосари генерал-майор Баҳодир Мирзараҳимов, ИИВ ҳузуридаги тергов департаменти бошлиғи ўринбосари полковник Бахтиёр Жалолов ҳамда вилоят ИИБ масъуллари томонидан вилоят марказидаги "Навоий" номли истироҳат боғи ҳудудида сайёр фуқароларни қабул қилиш жараёни бўлиб ўтди. Унда ҳар бир мурожаат атрофлича ўрганилиб чиқилди ва ҳал этиш мақсадида тегишли тартибда рўйхатга олинди. Кўп мурожаатлар эса ижобий ечим топди.
Хусусан мазкур сайёр қабулда 25 йил давомида фуқароликни олишни орзу қилган Раҳмонова Ферузанинг нияти ҳам амалга ошди. У қарийб 25 йил давомида фуқароликни олишни орзу қилиб келаётган эди. Бугун унинг ўзига ва 3 нафар фарзандларига Ўзбекистон республикаси фуқаролиги берилди ва ID карталар топширилди. Сайёр қабуллар давомида 5 нафар ёшларга фуқароликни тасдиқловчи ID карталар тантанали равишда топширилди.
Шунингдек, ишга жойлашиш истагидаги фуқароларнинг мурожаатлари қаноатлантирилди. Ички ишлар вазирининг ўринбосари иштирокида бўлиб ўтаётган сайёр қабулда ички ишлар органлари хизматига кириш истагини билдирган 6 нафар номзодлар мурожаат қилди. Шундан 5 нафари тизимга қабул қилинди. 1 нафарига эса бўлиб ўтадиган танловларда иштирок этиш учун рухсат берилди.
Сайёр қабулда бир нечта пробация ҳисобида турувчи шахслар ҳам муддатидан олдин озод қилинди. Мазкур қабул давомида пробация ҳисобида турувчи назорат остидаги шахслар тайинланган жазоларидан муддатидан илгари шартли равишда озод қилишини сўраб мурожаат қилдилар. Мурожаатлар атрофлича ўрганиб чиқилди ва жиноят ишлари бўйича судларга тақдимнома киритиш орқали 14 нафар шахслар муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.
Бугун бўлиб ўтган сайёр қабул якунларига кўра ички ишлар органлари томонидан 66 нафар фуқаро қабул қилиниб, мурожаатларнинг 35 таси, жойида ижобий ҳал қилинди, 31 таси бўйича аризалар олиниб, ижрога қаратилди.
Жиноят ишлари доирасида 8 нафар фуқароларга етказилган 402 млн сўмлик моддий зарарлар ундириб берилди. Жумладан, Андижон шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими иш юритувида жиноят иши бўйича жабрланувчилар Мирзақосимов Равшанбек Мамасадиқович, Мўйдинов Шавкатбек Зокирович ва Неъматжонов Абдулазиз Улуғбек ўғлига нисбатан фуқаро Д.А томонидан етказилган 362.440.000 сўм миқдордаги моддий зиён ундирилиб, жиноят иши суд муҳокамасига юборилди.
19 нафар турмушида тазйиқ ва зўравонликка учраган аёл ҳимоя ордери билан таъминланди. 14 та ажрим ёқасига келиб қолган оилалар яраштирилди.
Сайёр қабуллар вилоят бўйлаб давом этади.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати