Қўрғонтепа тумани ИИБ шахсий таркиби ҳамда уларнинг ота-оналари иштирокида хизмат интизомини мустаҳкамлашга қаратилган муҳокама йиғилиши бўлиб ўтди
Аввал хабар қилинганидек, Андижон вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари подполковник Жонибек Давронов ҳамда ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармасининг Андижон вилояти бўйича бошқармаси раҳбарияти томонидан жойларда хизмат интизомини мустаҳкамлашга қаратилган муҳокама йиғилишлари ўтказилмоқда.
Жорий йилнинг 24 июль куни Қўрғонтепа тумани бўлиб ўтган тадбирда ички ишлар бўлими ходимлари ҳамда уларнинг ота-оналари иштирок этди.
Ўтказилган тадбирлар аввалида, ўз мансаб ваколатини суиистеъмол қилган ҳолда фуқаролардан пора олиб, ота-онаси ва яқинларини маҳалла кўй олдида уятга қўйган айрим тизимга адашиб кириб қолган ходимларнинг аччиқ қисматлари акс этган таъсирчан видеороликлар намойиш этилди. Ушбу ҳолатлар барчага дарс бўлиши ҳамда шунга ўхшаш ножўя хатти-ҳаракатларни содир этилишининг олдини олиш бўйича ҳам фикр-мулоҳазалар билдириб ўтилди.
Муҳокама давомида ички ишлар бўлимининг шахсий таркиби ўртасида хизмат интизоми ва қонунийликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар ҳолати танқидий таҳлил қилиниб, келгусида бажарилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.
Тадбир сўнгида, ўзининг намунали интизоми ҳамда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олишда бошқа ҳамкасбларига алоҳида ўрнак бўлиб келаётган бир гуруҳ ходимларнинг ота-оналарига бошқарма бошлиғининг ташаккурномалари тантанали равишда топширилди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати