24 Июн 2020 йил 1027

Шаҳрихон туманида содир этилган жиноятлар юзасидан муҳокама йиғилиши ўтказилди

Шу йилнинг 20 июнъ куни соат 14:00 ларда Шаҳрихон тумани, Қўрғонча МФЙда яшовчи  фуқаро Б.Б  синфдоши Ҳ.С  билан ўзаро гаплашиб турган вақтида қизнинг акаси Ҳ.А уларни кўриб қолиб,  Б.Б.га “Сен нимага мени синглимни йўлини тўсиб безовта қиляпсан” деб унинг юзига 2  маротаба уриб хайдаб юборган.  Шу куни соат 18:00 ларда Б.Б  қизнинг акаси Ҳ.А билан орани очиқ қилиш мақсадида Шаҳрихон МФЙ, Оқмасжид кўчасида жойлашган 1-умумтаълим мактаб ёнига келиб, ёнидаги қора рангли сумкасини ичида бўлган бир дона хўжалик пичоғи билан Ҳ.А.ни қорин қисмига бир маротаба уриб тан жарохати етказган. Бунинг оқибатида Ҳ.А туман Марказий шифоханасига ётқизилган.

Мазкур ҳолат юзасидан 2020 йил  21 июнь куни  Андижон вилояти ИИБ хузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 104-моддасига 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ушбу мудҳиш ҳолат ҳамда бошқа содир этилган жиноятлар юзасидан  Шаҳрихон тумани ИИБ бошлиғи подполковник А.Садиқов бошчилигида Шаҳрихон МФЙда муҳокама йиғилиши бўлиб ўтди. Муҳокамада  туман ИИБ  ва прокуратура ходимлари, туман бош имоми хатиби, махалла фаоллари, нуронийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Туман ИИБ бошлиғи томонидан содир этилган нохуш ҳолат сабаблари ва унинг оқибатлари жамоатчиликка атрофлича етказилди. Сўз олганлар томонидан бугунги кунда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг оқибати билан эмас, балки уни келтириб чиқараётган омилларга қарши кураш ва бартараф этиш, аҳоли орасида жиноятларни барвақт олдини олиш, жиноятни жиловлаш, ҳар бир маҳаллада, энг аввало, оилаларда жиноятчиликка қарши муҳит яратиш деган эзгу ғояни шакллантириш долзарб вазифа эканлигига алоҳида урғу қаратилди.

Шунингдек, кичик низоларга ва ўзаро тортишувларга гувоҳ бўлаётган пайтда атрофдагиларнинг мажбуриятлари, тинчликни сақлаш олдидаги вазифалари, зудлик билан  ўша худудда хизмат олиб бораётган профилактика инпекторига хабар қилиш ҳамда бошқа бир қанча мавзуларда сўз юритилди.

 Бундан ташқари, ҳар бир фуқаро бундай салбий ҳолатларни содир бўлишини томашабин бўлиб кузатиб туриши эмас, балки уни олдини олишга чин дилдан ҳаракат қилиши шартлиги, ўзининг огоҳлиги ва  ҳушёрлиги билан масъул эканлиги таъкидлаб ўтилди.

Маҳалла имоми томонидан муқаддас динимиздаги жахл чиққанда ўзини жиловлаш, бошқа бир инсонга қасддан зарар етказишнинг гуноҳи оғир эканлиги,  икки ёки ундан кўпроқ инсонлар орасида низо чиқишини ташқаридан била туриб, бунга бефарқ бўлиш ҳам катта айб саналиши хақида  сўз олиб борилди. Махалла раиси, нуронийлар ва махалла фаоллари ҳам ушбу ҳолат борасида ўзларининг фикр мулоҳазаларини билдиришиб, келгусида бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун ҳамжиҳатликда иш ташкил  қилишларини таъкидлаб ўтишди.

Муҳокама йиғилиши якунида мазкур жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари ва унинг салбий оқибатларини тумандаги мавжуд маҳалларда истиқомат қилувчи аҳоли вакилларига таъсирчан усулларда етказиб, уларни огоҳликка чақириш юзасидан тегишли мутасаддиларга муҳим чора-тадбирлар белгилаб берилди.

 

Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech