Содир этилган ўғирлик жинояти сабаб ва оқибатлари кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди
2021 йилнинг 30 январь куни соат 21:00ларда Андижон туманида яшовчи фуқаро Х.Ў ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-тарож қилиш мақсадида Андижон шаҳрида яшовчи Х.Ф.нинг яшаш хонадонидан 14.500.000 сўм пул, 5.600 АҚШ доллари ҳамда 56.000.000 сўмлик турли хилдаги тилла-тақинчоқларини яширин равишда ўғирлаб, ҳодиса жойидан яширинган. Ҳозирда Х.Ў.га нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “в” банди билан айблов эълон қилиниб, “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ушбу ўғирликни содир этган фуқаронинг қилмиши Жумабозор маҳалласида яшовчи кенг жамоатчилик иштирокида танқидий муҳокама қилинди. Андижон вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари полковник Я.Абдулхаков раислигида ўтказилган муҳокамада ушбу жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари туб илдизигача таҳлил қилинди.
Унда бугунги кунда кўпчиликнинг бефарқ ва лоқайд бўлиб кун кечиришга ўрганиб қолганлиги, фуқароларимиз атрофида бўлаётан ҳодисаларга “менга нима” қабилида иш тутаётганликлари кескин қораланди.
Шунингдек, бу каби жиноятларни олдини олишга фақатгина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифаси деб қарамасдан, маҳалла ва жамоатчилик вакиллари ҳам бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишлари кераклиги, “ўз мулкингни ўзинг асра” деган нақлга амал қилган холда ҳамиша ҳушёр ва огоҳ яшашлари бугунги кун талаби эканлиги ҳаётий мисоллар ёрдамида таъкидланди.
Юқоридагиларда хулоса қилиб айтганда ҳар бир фуқаро ўз ҳудудида содир этилган жиноятлар муҳокамасида қатнашиши, уларнинг сабабини билиши, олдини олишга имкон қадар ҳисса қўшмоғи лозим. Бу аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиради ва ҳушёрлигини янада оширади.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати