18 Январ 2021 йил 836

Спиртли ичимлик таъсирида содир этилган жиноят кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди  

Шу йилнинг 14 январь куни соат 20:30ларда фуқаро И.Д яшаш хонадонига маст холда келиб, қўшниси Д.Б.ни баланд овозда ҳақоратли сўзлар билан сўкганлиги сабабли Д.Б И.Д билан ўзаро жанжаллашган. Жанжал  оқибатида ушбу хонадонда бўлган кетмон билан И.Д.нинг жағ соҳасига бир марта уриб, уни қасддан ўлдирган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, фуқаро Д.Б ЖПКнинг 221-моддасига асосан процессуал тартибда ушланган. Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.  

Содир этилган жиноятни Балиқчи туманида истиқомат қилувчи аҳоли вакилларига таъсирчан усулларда етказиш мақсадида муҳокама йиғилиши ўтказилди. Андижон вилояти ИИБ ташаббуси билан ўтказилган муҳокамада ушбу жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари туб илдизигача таҳлил қилинди. Йиғилиш кун тартибидаги масала юзасидан Андижон ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари полковник С.Джабборов сўзга чиқиб, жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва унга қарши курашишга бутун жамоатчилик, хусусан, маҳалла, хотин-қизлар, нуроний отахон ва онахонлар билан ҳамкорликда олиб борилаётган амалий саъй-ҳаракатларга қарамасдан, айрим фуқароларнинг юқоридаги каби жиноятларини содир этаётганликлари уятли ҳолатлардан бири эканлиги таъкидлаб ўтилди.  

Шунингдек, вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари полковник Я.Абдулхаков томонидан аксарият маҳаллаларда қўни-қўшнилар, қариндош-уруғларнинг атрофида бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бефарқлик билан қараб, кўриб- кўрмасликга олаётганликлари, бўлаётган ҳолатларга томошабин бўлиб ўрганиб қолаётганликлари, “Сен менга тегма, мен сенга тегмайман” кабилида иш тутаётганликлари кескин қораланди. Муҳокамада иштирок этган фуқаролар ҳам содир этилган бу жиноят бўйича ўз муносабатларини очиқ ойдин баён этдилар.

Бўлиб ўтган бу воқеани муҳокамада иштирок этганларнинг барчаси оиласи, қариндош-уруғлари, маҳалласидагиларга ибрат олиш мақсадида етказишлари шарт эканлиги қайта-қайта  таъкидланди. Фуқаролар ўртасидаги оддий келишмовчиликлар нохуш жиноятларга сабаб бўлаётгани, бунда жойлардаги мутасаддилар шу йўналишдаги ишларни янада кучайтиришга   долзарб вазифа сифатида  қарашлари зурурлиги  яна бир бора эслатиб ўтилди. Шунингдек, Бу каби кўнгилсиз ҳолат учун  қонунчилигимизда белгиланган қатъий жазо чоралари қўлланилиши, жиноятга жазо муқаррарлиги алоҳида  таъкидлаб ўтилди.  

Муҳокама сўнгида мазкур жиноятнинг келиб чиқиш сабабларини бошқа маҳаллалардаги кенг жамоатчилик вакилларига ҳам янада таъсирчан усулларда етказиш бўйича ҳудудий профилактика инспекторлари, маҳалла фуқаролар йиғини раислари, кўчабошилари, оқсоқоллари ҳамда маҳалла фаолларига муҳим чора-тадбирлар белгилаб берилди.

 

Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech