Қўрғонтепа туманида “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тарғибот куни” муносабати билан профилактик тадбирлар олиб борилди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 август кунги 701-сонли қарорига асосан ҳафтанинг ҳар жума куни “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тарғибот куни” деб эълон қилинган. Шу муносабат билан Қўрғонтепа тумани ИИБ ЙҲХБ томонидан навбатдаги профилактика тадбирлар ташкил этилди.
Хусусан, Дардоқ қишлоғи ва Қорасув шаҳри марказларида туман ЙҲХБ инспекторларининг йўловчи ташиш билан шуғулланувчи ҳайдовчилар иштирокида давра суҳбатлари бўлиб ўтди.
Мулоқотлар давомида, йўл қоидаларига риоя этиш, тезликни оширмаслик, спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда автомобиль бошқармаслик, шунингдек, йўловчи ташиш давомида ҳайдовчилар ўзлари билан биргаликда йўловчилар учун ҳам масъул эканликлари, автомашинанинг техник созлигига эътиборли бўлиш, рульда телефондан фойдаланмаслик эслатиб ўтилди.
-Йўл ҳаракати давомида қоидани бузиш жаримага олиб боришини ҳаммамиз биламиз. Аммо,тезликни ошириш ёки бошқа турда қоидаларни эътибордан четда қолдириш ўз ҳаётингизга хавф туғилишига сабаб бўлиши мумкин. Афсуски, йўл ҳаракатидаги кутилмаган ҳодисалар ҳаётдан бевақт кетишгача бориб етмоқда. Шу сабаб билан, бугун сизлардан қоидаларга риоя этишингизни такроран ва қатъиян сўрамоқчимиз!–дея суҳбатлар давомида таъкидлаб борди ЙҲХБ катта инспектори Шодиёр Қурбонов.
Бундан ташқари, ҳайдовчилар томонидан билдирилган масалалар борасида мурожаатлар ҳам тинглаб борилиб, уларга нисбатан барча мавжуд имкониятлар ва маълумотлар тўғрисида аниқ жавоблар бериб борилди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати