Ўзбекистон Республикаси ИИВ Андижон академик лицейида Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан ижодий учрашув бўлиб ўтди
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Андижон академик лицейида буюк мутафаккир, шоир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан ижодий учрашув ташкил этилди. Мазкур тадбирга Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, "Шуҳрат" медали соҳиби, эл ардоғидаги ёзувчи Ҳабиб Сиддиқ ҳамда қатор шеърий тўпламлар муаллифи, шоир ва таржимон, ҳофиз Аваз Абдусалом ташриф буюрди.
Тадбир 1-босқич 6-гуруҳ ўқувчилари томонидан тайёрланган бадиий чиқишлар билан бошланди. Умри давомида ватанпарварлик, одамийликни ўз асарларида тараннум этган Мир Алишер Навоий ҳақида ўқувчи-ёшлар томонидан маълумотлар айтилди, шоир ғазалларидан намуналар ўқилди.
Таклиф этилган меҳмонлар ғазал мулкининг султонининг жаҳон адабиёти саҳнасида тутган ўрни, бебаҳо асарлари тўғрисида мазмунли маълумотлар, шоир ҳаёти ва ижодига оид қизиқарли фактлар келтириб ўтдилар.
Ўқувчилар томонидан мутафаккир шоирнинг бетакрор ғазаллари ўқилди ҳамда шоирга бағишлаб ёзилган шеърлар айтилди. Улуғ бобокалонимиз ижоди бир уммон эканлиги, уни қанча ўқиб-ўргансак ҳам камлиги эътироф этилди.
Шунингдек, ижодий учрашув давомида меҳмонлар ўз ижодлари ва ҳаёт йўллари ҳақида ўқувчиларга сўзлаб бердилар. Айниқса, ёзувчи Ҳабиб Сиддиқ ўзининг ҳажвий асарларидан намуналар ўқиб бергани, ҳофиз Аваз Абдусаломнинг куйга солинган Навоий ғазалларидан жонли овозда ижро этгани тадбир иштирокчиларига кўтаринки кайфият бағишлади.
Тадбир якунида ташриф буюрган меҳмонлар ёшларга берилаётган эътибор, улар учун яратилаётган шарт-шароитлар тўғрисида тўхталиб, ўқувчи-ёшларни янада фаолроқ бўлишлари, кўпроқ китоб ўқишлари, билимларини мустаҳкамлашлари кераклиги, шундагина ўз олдига қўйган мақсадларига етишлари ва ўз касбининг етук мутахассислари бўлишларини уқтириб ўтдилар.
Учрашув давомида ўқувчи-ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлари, фикр-мулоҳазалари билан фаол иштирок этдилар.
Тадбир сўнггида меҳмонлар ўзларининг ижод намунаси бўлмиш китоблардан лицей кутубхонасига совға қилдилар.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати