18 Январ 2021 йил 1828

Ватан сарҳадлари ишончли қўлларда

Андижон вилоят тарихи ва маданияти давлат музейининг “Чўлпон ёдгорликлар музейи” бўлимида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Андижон академик лицейи билан ҳамкорликда “Ватан сарҳадлари ишончли қўлларда” мавзусида тадбир ўтказилди. Тадбирда  академик лицейининг 2 босқич 6-гуруҳ ўқувчилари, афғон уруши қатнашчилари ҳамда музей ходимлари иштирок этдилар.

Дастлаб, Чўлпон ёдгорлик музейи  бўлими мудири К.Маматқулов ўз ҳаётини Ватанни ҳимоя қилишдек энг улуғ ва олижаноб ишга бағишлашни  ният қилган бутун бўлажак Ватанимиз  посбонларига музей жамоасининг  табригини ўқиб эшиттирди.  Сўнгра “Ватан ҳимояси муқаддас бурч” мавзусида маърузаси тингланди. Тадбир самимий ва очиқ мулоқот тарзида ўтди. “Ўзбекистон Қуролли кучлари тарихи ”, “Амир Темур давридаги  ҳарбий  сиёсат” ,  каби мавзуларга оид савол-жавоблар қизғин давра суҳбатига айланиб кетди. Афғон уруши қатнашчиси Қосимжон Собиров ёшларга уруш воқеаларини сўзлаб, тинчликни қадрига етишларини таъкидлаб ўтди. Ўқувчи ёшлар томонидан тайёрланган адабий ва мусиқий чиқишлар тадбирга ўзгача  файз бағишлади.

Саф қўшиқлари садолари остида сафда юриш машқларини кўрсатиб бердилар. Айниқса, академик лицей  ахборот-ресурс маркази раҳбари Г.Анорбоева томонидан Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучларининг бугунги  кундаги  нуфузи, ҳарбий кадрларни тайёрлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ва халқаро ҳамкорликлари ҳамда Амир Темур ҳарбий сиёсати тўғрисидаги қизиқарли  маълумотлар музей ходимлари ва тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди. Лицей ўқувчилари Чўлпон шеърларидан намуналар ўқидилар. Тадбир доирасида ўқувчи-ёшларга музей экспозицияси бўйлаб чуқурлаштирилган мавзули  экскурсия ташкил этилди. Музей ходими Р.Муҳаммедова томонидан тадбир иштирокчиларига китоблар ва буклетлар тақдим қилинди. 

Ушбу тадбир давомида  ўқувчи-ёшлар Она-юртга содиқ фарзанд бўлиб, масъулият билан  Ватанни  ҳимоя  қилишлари, ҳар қандай  вазиятда хам Ватан ҳимоясига  доим тайёр ва сергак бўлишлари кераклигини англаб етдилар. 

 

Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати

 

Text to speech