Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 3 февралдаги “Қишлоқ хўжалиги экин майдонлари унумдорлигини ошириш, тармоққа инвестициялар жалб қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги 18-сонли фармони тасдиқланди
Мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби қишлоқ хўжалигида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ошириш, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш, пировардида, юртимиз иқтисодиётини янада мустаҳкамлашга қаратилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 3 февралдаги “Қишлоқ хўжалиги экин майдонлари унумдорлигини ошириш, тармоққа инвестициялар жалб қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги 18-сонли фармони тасдиқланди.
Фармонга кўра, юртимизда ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартиби янада такомиллаштирилади. экспортбоп қишлоқ хўжалиги экинлари етиштиришни кўпайтириш, озиқ-овқат хавфсизлиги ва нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича ислоҳотларни изчил давом эттириш мақсадида ер участкалари 3 гектардан 50 гектаргача бўлган ўлчамларда “Э-аукцион” савдо платформасида савдоларига чиқарилади ва дала четида (муҳофаза зонасидан ташқари) 20 сотихдан кўп бўлмаган, лекин ижарага берилган контур майдонининг бир фоизидан ошмаган қисмида қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатувчи объектларни (енгил конструкцияли музлаткичли омборхоналар, саралаш, қадоқлаш жойлари, сув тежовчи технологиялар, дала шийпони, техника парки) қуриш мумкинлиги назарда тутилган.
Бошланғич нарх ер участкаси норматив қийматининг 50 фоизи миқдорида белгиланади. Биринчи аукционда сотилмаган лотлар ҳар беш кун ичида лотнинг бошланғич нархнинг 10 фоиздан 20 фоизигача босқичма-босқич пасайтирган ҳолда такрорий аукционга чиқарилади.
Янги тизим доирасида электрон онлайн аукцион ғолиби, яъни ижарага ер олган жисмоний ва юридик шахслар Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексида белгиланган ҳуқуқлар ва мажбуриятлар билан бирга қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлади:
- ер участкасидан қирқ тўққиз йил ижара ҳуқуқи асосида фойдаланиш, кейинчалик ижара муддатини қонунчиликка мувофиқ узайтириш;
- қишлоқ хўжалиги экинларининг турлари, навлари ва ҳажмларини, шунингдек, уларни етиштириш ҳамда агротехник тадбирларни ўтказиш усулларини мустақил равишда белгилаш, шу жумладан, пахта ва ғалла экинларини фақат ўзи маъқул деб ҳисоблаган тақдирдагина етиштириш белгиланган.
Ер кодексига мувофиқ ижара шартномаси бўйича ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятларини текинга ёки ҳақ эвазига ижара муддати давомида бошқа шахсга ўтказиш (қайта ижарага бериш), ер участкасини иккиламчи ижарага бериш имкониятлари мавжуд.
Фармон ижроси доирасида жорий йилда Андижон вилоятининг Андижон, Асака, Балиқчи, Булоқбоши, Бўстон, Жалақудуқ, Избоскан, Марҳамат, Олтинкўл, Пахтаобод, Хўжаобод, Шаҳрихон ва Қўрғонтепа туманларида жами 629,7 гектар ер майдони савдога чиқарилиши белгиланган.
Жамшидбек ИСРОИЛОВ, “Електрон-онлайн аукционларни ташкил этиш” АЖ
Андижон вилояти ҳудудий вакили.