27 Май 2025 йил 2290

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январдаги ПҚ-1-сон Қарорида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Балиқчи туманида ичкилик оқибатида содир этилган жиноят сабаблари кенг жамоатчилик ўртасида муҳокама қилинди  

Андижон вилояти прокурори Муродилло Абдуҳакимов ҳамда Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Санжар Джабаровлар раислигида бўлиб ўтган муҳокамада Балиқчи тумани  ҳокими, ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбарлари, ташкилот-муассасалар масъуллари, “маҳалла еттилиги” аъзолари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбир аввалида, Балиқчи тумани, Маллачек маҳалласи ҳудудида мастлик оқибатида содир этилган жиноят сабаблари ва унинг оқибатлари жамоатчиликка атрофлича етказилиб, ушбу  жиноятнинг келиб чиқишига шарт-шароит яратган омиллар туб илдизигача таҳлиллар асосида танқидий муҳокама қилинди.

Олдини олиш мумкин бўлган ушбу жиноятни содир этилишига йўл қўйган барча масъулларга белгиланган тартибда жазо чоралари кўрилиши айтиб ўтилди.

Шунингдек, туманда “Тиғ” профилактик тадбирлари суст даражада ўтказилаётганлиги, бунга масъул бўлганлар томонидан иш талаб даражасида ташкил этилмаганлиги  ҳам танқид остига олиниб, бу борадаги тарғибот ишларини кучайтириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Муҳокама йиғилишида “маҳалла еттилиги” аъзолари ва бошқа масъуллар томонидан ушбу содир этилган аянчли ҳолатдан ўзларига етарлича хулоса чиқарган ҳолда келгусида бундай жиноятларга йўл қўймаслик бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.  

Шунингдек, ўтказилган муҳокамада бугунги кунда кенг тус олаётган кибефирибгарлик хусусида ҳам атрофлича сўз юритилди.  Бугунги кунда фуқароларнинг ушбу турдаги жиноятлар қурбонига айланиб қолишларида уларнинг ишонувчанлиги сабаб бўлаётганлиги кескин танқид остига олиниб, барча огоҳликка чақирилди. 

Тадбир якунида келгусида бу каби салбий ҳолатларга йўл қўймаслик борасида тегишли мутасаддиларга муҳим чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати

 

Text to speech