20 Март 2025 йил 1858

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январдаги ПҚ-1-сон Қароридан келиб чиқиб, Андижон вилоятининг Балиқчи туманида содир этилган жиноят юзасидан танқидий муҳокама йиғилиши ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январдаги ПҚ-1-сон Қарорида жиноят содир этилган маҳаллаларда амалга оширилаётган ишларнинг аҳволи ва натижадорлиги бўйича барча масъул идора ва муассасалар билан танқидий муҳокамалар ўтказилиши ҳамда ушбу масалага масъулиятсизлик билан ёндашган раҳбарларга нисбатан таъсир чоралар кўриб борилишини йўлга қўйиш вазифаси белгиланган бўлиб, шунга асосан Балиқчи туманида 19 март куни мактаб ўқувчиси томонидан содир этилган мудҳиш жиноят сабаблари кенг жамоатчилик ўртасида муҳокама этилди. 

Андижон вилояти прокурори Муродилло Абдуҳакимов ҳамда Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Санжар Джабаровлар раислигида бўлиб ўтган муҳокамада тумандаги ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбарлари, ташкилот-муассасалар масъуллари, “маҳалла еттилиги” аъзолари, нуронийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Сўз олганлар томонидан содир этилган нохуш ҳолат сабаблари ва унинг оқибатлари жамоатчиликка атрофлича етказилиб, ушбу  жиноятнинг келиб чиқишига шарт-шароит яратган омиллар туб илдизигача таҳлиллар асосида танқидий муҳокама қилинди.

Ўз ишига бепарволик ва лоқайдлик билан муносабатда бўлган масъул идора ва ташкилотларга белгиланган тартибда жазо чоралари кўрилиши айтиб ўтилди.

Муҳокама йиғилишида “маҳалла еттилиги” аъзолари, таълим муассасаси масъуллари томонидан ушбу содир этилган аянчли ҳолатдан ўзларига етарлича хулоса чиқарган ҳолда келгусида бундай жиноятларга йўл қўймаслик бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.  

Шунингдек, бошқа бир инсонга қасддан зарар етказишнинг гуноҳи оғир эканлиги, икки ёки ундан кўпроқ инсонлар орасида низо чиқишини ташқаридан била туриб, бунга бефарқ бўлиш ҳам катта айб саналиши ҳақида атрофлича сўз юритилди.  .

Бундан ташқари, ўтказилган муҳокама йиғилишида бугунги кунда кенг тус олаётган киберфирибгарлик хусусида ҳам атрофлича сўз юритилиб,  фуқароларнинг ушбу турдаги жиноятлар қурбонига айланиб қолишларида аксарият ҳолларда ишонувчанлиги сабаб бўлаётганлиги кескин танқид остига олинди.

Тадбир якунида  содир этилган жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари ва унинг салбий оқибатларини муҳокамада  иштирок этганларнинг барчаси оила аъзолари, қариндош уруғлари ҳамда таниш-билишларига ибрат олиш мақсадида етказишлари кераклиги айтилиб, бу борада тегишли мутасаддиларга муҳим чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech