“Zo'ravonlar qolib jabrdiydalar qamolmoqda. O'z uyini himoya qilgan yigit qamalmoqda. Adolat qani???” сарлавҳали видеомурожаат юзасидан
2021 йилнинг 22 июнь куни “YouTube” ижтимоий тармоғига Zo'ravonlar qolib jabrdiydalar qamolmoqda. O'z uyini himoya qilgan yigit qamalmoqda. Adolat qani???” сарлавҳали видеомурожаат жойланган. Мазкур видеомурожаатда акс этган ҳолатлар бўйича Андижон вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан ўрганишлар олиб борилиб, қуйидагилар маълум бўлди.
Аниқланишича, 2021 йил 24 апрель куни соат 10:00 ларда фуқаро Қ.Н Балиқчи тумани Яккатол МФЙдаги яшаш хонадони олдида ўзига аввалдан таниш бўлган фуқаро И.И ва И.И билан ариқдаги сувни тўсиб қўйганлиги юзасидан ўзаро жанжаллашган. Жанжал вақтида Қ.Н қўлида бўлган бешлик сопи билан И.И ва И.И.ларнинг бош қисмига уриб тан жароҳати етказган.
Ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечирилганида бир дона ёғоч сопли бешлик текшириб кўришлик учун олинган ва судга оид биологик экспертиза тайинланган.
Мазкур ҳолат юзасидан 2021 йил 10 май куни фуқаро Қ.Н.га нисбатан Балиқчи тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 105-моддаси 2-қисми “а” ва “м” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.
Суд-тиббий экспертизасининг 2021 йил 06 май кунги хулосасига кўра, И.И ва И.И.ларнинг олган жароҳатлари “оғир” тан жароҳатлари доирасига киришлиги аниқланган.
Шунга кўра, 2021 йил 06 июнь куни жиноят иши Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “а” бандига қайта малакаланган.
Жиноят иши бўйича Қ.Н.га Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “а” банди билан айблов эълон қилиниб, унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда мазкур жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати