Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Санжар Джабаровнинг Наврўз – умумхалқ байрами муносабати билан табриги!
Шарқона янги йил бошланадиган қутлуғ кун – Наврўзи олам асрлар давомида баҳор, эзгулик, меҳр-оқибат, меҳнат ва бунёдкорлик рамзи сифатида эл-юртимизнинг ижтимоий-маънавий ҳаётида беқиёс ўрин тутиб келмоқда.
Бу мунаввар айём кейинги йилларда Ватанимизда амалга оширилаётган “Инсон қадри учун, инсон бахти учун”, деган олийжаноб ғояга ҳамоҳанг бўлиб, том маънода умумхалқ байрамига айланди ҳамда мамлакатимизнинг барча шаҳар ва қишлоқларида кенг нишонланмоқда.
Ушбу улуғ фаслнинг руҳи ва фалсафасида мужассам бўлган гуманизм, одамзотни бутун борлиқнинг гултожи сифатида эъзозлаш, она замин ва табиатни асраб-авайлаш тамойиллари бугунги кунда ҳаётимизда янада ёрқин намоён бўлмоқда.
Ҳурматли ҳамкасблар ҳамда азиз фахрийлар!
Барчангизни эзгулик ва янгиланиш рамзи бўлмиш Наврўз байрами билан чин қалбимдан муборакбод этаман!
Наврўз – бу табиат уйғониши, меҳр-оқибат ва инсонпарварлик тантанаси, халқимиз азалий анъаналари ва қадриятлари мужассам бўлган энг қадрли байрамлардан биридир. Бу фурсатда юртимизга файзу барака, халқимизга тинчлик-осойишталик, оилаларингизга бахту саодат, ишларингизда муваффақият ёр бўлишини тилаб қоламан.
Ички ишлар органлари ҳамиша халқимизнинг тинчлиги, хавфсизлиги ва осойишталигини таъминлаш йўлида сидқидилдан хизмат қилиб келмоқда. Биз ушбу муқаддас бурчимизга садоқат билан, фидойилик ва масъулият билан ёндашишда давом этамиз.
Наврўз байрами барчангизга янгича куч-ғайрат, руҳий ва жисмоний баркамоллик, юрт ободлиги йўлидаги эзгу ишларингизда муваффақият ато этсин!
С.Б.Джабаров
Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник.
2025 йил 21 март